Катталар ўқиши ва уларга таълим бериш ҳаёт давомида таълим олишнинг муҳим қисми бўлиб ҳисобланади ва ҳозирги замонда бундай таълим бутун дунёдаги одамлар ва жамият дуч келаётган масалаларни ечишда муҳим рол ўйнамоқда. ЮНЕСКОнинг катталар таълими бўйича 2009 йил декабрда ўтказилган олтинчи Халқаро конференциясида (CONFINTEA VI) қабул қилинган «Белен ҳаракатлар меъёри»да айтилишича, «Катталар ўқиши ва уларга таълим бериш одамларга ўз ҳақ-ҳуқуқларини ривожлантириш ва рўёбга чиқариш ҳамда ўз тақдирларининг эгалари бўлишлари учун зарур билимлар, малакаларни эгаллаш, фазилат ва қадриятларни қарор топтиришга имконият яратади. Шу билан биргаликда катталар ўқиши ва уларга таълим бериш адолат ва инклюзивликка эришиш, қашшоқликнинг кўламини камайтириш ва саводхонликка асосланган адолатли, бардошли ва барқарор жамият яратиш учун мутлоқ зарурият бўлиб ҳисобланади» (ЮНЕСКО 2009).

Бироқ катталар таълимини тўлиқ амалга ошириш учун у тегишли касбий компетенцияларга эга бўлган одамларга таяниши керак. Одатда мактабларда болаларга дарс берадиган ўқитувчилар ўқитувчилик фаолиятини бошлашдан аввал кўпинча университетларда касбий тайёргарликдан ўтадилар, катталарга дарс берадиганлар учун эса бу кўп ҳолларда ундай эмас. Шунинг учун катталар таълими соҳасини профессионаллаштириш алоҳида мамлакатлар даражасида ҳам, халқаро миқёсда ҳам бутун дунёда асосий муаммо сифатида қабул қилинади.

«Белен ҳаракатлар меъёри» бу соҳадаги асосий вазифалардан бири ҳисобланган катталар таълими соҳасида иш олиб борадиган мутахассисларнинг касбий малакаларини оширишни белгилайди ва қуйидагиларни қайд этади: «Касбий маҳоратнинг талаб даражасида бўлмаслиги ва педагогларни тайёрлашга имкониятларнинг етишмаслиги катталарни ўқитиш ва уларга таълим бериш дастурларининг сифатига салбий таъсир кўрсатади.

Катталар таълими бўйича 150дан ортиқ мамлакатлар томонидан конференцияга тайёрланган маърузаларнинг учдан бир қисмида малакали ходимларнинг етишмаслиги ҳақидаги эслатмалар ўрин олган бўлиб, бу масала ҳал қилиниши учун чоралар кўрилиши керак бўлган йирик муаммолардан бири эканлиги акс эттирилган. (Ҳаёт давомида таълим олиш бўйича ЮНЕСКО институти/UIL/2009).

Ушбу ҳолатга ЮНЕСКОга аъзо давлатларнинг жавоби шундай бўлди-ки, CONFINTEA конференциясида қабул қилинган бошқа қарорлардан ташқари “катталар билан иш олиб борадиган педагогларнинг масалан, олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик алоқалари, ўқитувчилар уюшмаси ва фуқаролик жамияти ташкилотлари воситасида тайёргарлигини, салоҳиятни ошириш, ёллаш шартлари ва касбий маҳоратини такомиллаштириш” мажбуриятларини ўз зиммаларига олди (ўша жойда).

ЮНЕСКО – катталар учун ўқитувчиларнинг касбий ривожланиши муҳимлигини илгари сураётган ягона ташкилот эмас. Европа иттифоқида катталар таълими соҳасини професионаллаштириш мавзуси кўп йиллар мобайнида Европа комиссиясининг катталар таълимига бағишланган (Европа комиссияси 2006), бир йилдан кейин (Европа комиссияси 2007) ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилган, шунингдек 2011 йилдаги Европа кенгашининг катталар таълими бўйича янгиланган Европа Дастурлари (Европа кенгаши 2011) биринчи баёнотидан сўнг сиёсий доираларда тобора ўсиб бораётган эътиборни жалб қилиб келмоқда. Шундан буён, кўплаб лойиҳалар, компетенцияларга қўйиладиган талабларни аниқлаш учун миллий ва трансмиллий ҳамкорлик дастурлари, катталар таълими ва касбий таълим соҳасидаги ўқитувчилар учун стандартларни белгилаш ва таълимий имкониятларини ривожлантириш бўйича ишлар бошланди. (Масалан, касбий таълимни ривожлантириш бўйича Европа маркази – CEDEFOP 2013).

Бу ишланмалар қуйида тавсифланган Катталар таълими бўйича Германия институти – Лейбниц номидаги Ҳаёт давомида таълим олиш Маркази (DIE) ва Халқ университетлари немис ассоциацияси халқаро ҳамкорлик институти (DVV International)нинг университетдан ташқари секторда катталарни ўқитишнинг таянч тамойилларига асосланган, миллатлараро миқёсда фойдаланишга тўғри келадиган ва халқаро илмий стандартларга мувофиқ бўлган катталар учун ўқитувчиларни тайёрлаш, ўқув дастурларини тайёрлаш ва тарқатиш бўйича ҳамкорликдаги лойиҳаси асосида ётади.

Curriculum globALE дастури ушбу ташаббуснинг натижаси бўлди. Curriculum globALE дастурининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

• умумий дастлабки меъёрларни тақдим қилиш орқали катталарга таълим берувчи ўқитувчиларнинг касбий
маҳоратини ошириш;
• катталар учун таълим хизматларини кўрсатувчи ташкилот/муассасаларга тренерлар тайёрлаш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда ёрдам кўрсатиш;
• бутун дунёдаги катталарга таълим берувчи ўқитувчиларнинг билимларни алмашиш ва ўзаро ҳамжиҳатлик ўрнатишларига кўмаклашиш.